Ўзбекистонда 1 мартдан терминалсиз савдо қилиш тақиқланади

Ўзбекистонда 1 мартдан терминалсиз савдо қилиш тақиқланади
Ўзбекистон 16 Февраль 2017 133344


Шу йилнинг 1 мартидан Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолидан пластик карталар воситасида тўловларни қабул қилишни таъминловчи ҳисоб-китоб терминалини мажбурий ўрнатмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас. Бу 15 февраль куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг ПҚ-2777-сон «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгилаб қўйилган.
Барча савдо шохобчаларини терминаллар билан жиҳозлаш учун уларни рўйхатдан ўтказиш жадаллаштирилган тартибда – тадбиркорлик субъектидан буюртма келиб тушган кундан бошлаб 3 кундан кўп бўлмаган муддат ичида амалга оширилади.
Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нархларни белгилаш устидан ҳам назорат кучайтирилди. Ҳисоб-китоб шаклидан келиб чиққан ҳолда сунъий равишда нархларни ошириш ёки тушириш ҳисоб-китоб терминалларини қўллашнинг белгиланган тартибини бузиш деб баҳоланади. Бундай ҳаракатлар ЭКИҲнинг (энг кам иш ҳақининг) 30 баробари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Давлат солиқ қўмитасига 10 кун ичида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида терминаллар мавжудлиги, назорат-касса машиналаридан фойдаланиш, талон ва чекларнинг берилиши, нақд пул тушумини тўлиқ ҳажмда топшириш масалалари, нархлар сунъий оширилмаётгани ёки туширилмаётгани бўйича текширувлар ўтказиш вазифаси юкланган. Шу билан биргаликда бу шаклдаги текширувлар Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг махсус рухсатини талаб этувчи солиқ текшируви ҳисобланмайди.
Марказий банк жиҳозлашни кенгайтириш ва амалий фойдаланиш учун анча қулай шарт-шароитлар яратишни инобатга олган ҳолда ҳисоб-китоб терминалларини тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш ва сотиш механизмини қайта кўриб чиқишга кўрсатма олди.
Шунингдек, истеъмол талабини ва тадбиркорлик суъбектларининг ишлаб чиқариш фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш мақсадида халқаро амалиётда фойдаланилаётган пластик карта орқали аҳолига қисқа муддатли истеъмол кредитларини беришнинг замонавий механизмларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Банкларга жорий ва келгуси йил истисно қилинган ҳолатда тўлов терминаллари, инфокиосклар, банкоматлар ва бошқа ускуналар импортига тендер-танлов савдоларини ўтказмасдан шартномаларни тузишга ижозат берилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига «Ўзбекэнерго» компанияси билан биргаликда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини сифатли ва узлуксиз алоқа билан таъминлаш, бунда Ўзбекистоннинг тоғли ва узоқ ҳудудларига алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилди.
Президент Девонининг Мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати банкларда ҳисоб рақамлардан нақд пулларни бериш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ қонунбузарликларга оид шикоятлар устидан назоратни кучайтиради.
Шикоятларда банкка пластик карта эгаларининг яқинлари маълум бир давлат ташкилотларида тўловларни амалга оширмоқчи бўлишса, картанинг ҳақиқий эгаси келишини талаб этилаётгани юзасидан аниқ белгилаб қўйилган бандлар ҳақида тушунарли тилда бизга ёзиб беришларини илтимос қилишган.
Банкка бу борада қилинган мурожаатга қайтарилган жавобда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2004 йил 30 апрелда 1344-сон билан давлат рўйхатига олинган “Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига асосан банк пластик карта эгаси бўлмаган шахс, карта эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
Шу билан бир қаторда, юқоридаги Низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ (рўйхат рақами 1344-2, 2011й. 13 июль), товарлар (иш ва хизмат) учун пластик карточкалар орқали тўловларни қабул қилаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан пластик карточка эгасидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмаслиги ҳам ёзилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 21 ноябрда 2528-сон билан давлат рўйхатига олинган “Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат” Қоидаларининг 22-бандига асосан тижорат банклари жисмоний шахслар томонидан тижорат банкида жойлашган терминаллар орқали пластик карталардан фойдаланилган ҳолда операциялар (нақд маблағлар ечиш, товар ва хизматларга тўловлар) амалга оширилганда (коммунал ва алоқа хизмати, бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бундан мустасно) мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўришлари ҳам белгиланган.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, жисмоний шахслар томонидан тижорат банкида жойлашган терминаллар орқали пластик карталардан фойдаланилган ҳолда коммунал ва алоқа хизмати, бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилганда тижорат банклари улардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилишга ҳақли эмас”, дейилган мактубда.
Хулоса шуки, пластик картанинг ҳақиқий эгаси банк ташкилотларига кириб, тегишли тўловлар амалга оширилса, шунингдек ФҲДЁ, суд, нотариал каби идораларидаги давлат божлари тўлови қилинса, талаб этилади. Қолган барча ташкилот ва муассасалар бундай талабни қўйишга ҳақли эмас.бесплатно модули и шаблоны для dle
---