Ургут, Ғиждувон, Қўқон ва Ҳазораспда эркин иқтисодий зоналар ташкил этилади
Президент «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
13 январ 2017, 19:00 Иқтисодиёт
Самарқанд вилоятининг Ургут тумани, Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри ва Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманларида «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари ташкил этилади. ЎзА эълон қилган шу ҳақдаги фармон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 12 январда имзоланди.
«Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» ЭИЗ фаолият кўрсатиш муддати, кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. Бу давр мобайнида мазкур ЭИЗлар ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади ЭИЗ ҳудудларида логистика марказлари ва божхона постлари ташкил этилади.
Қуйидагилар «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:
ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;
Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;
мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;
маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар корхоналари ўртасида ва умуман республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг қарорлари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш.
Ташкил этиладиган эркин иқтисодий зоналари дирекциялари эркин иқтисодий зоналарнинг бутун фаолият кўрсатиш даврида солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади.
Матн: «Газета.uz» сайтидан олинди 3 781
Бизнинг сайтдаги мақолаларга чоп этилганидан сўнг фақат 10 кун мобайнида шарҳ қолдириш мумкин.