КУЗАТУВ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

ТАСДИҚЛАНГАН»

“Хўжаи жаҳон савдо комплекси”
АЖ акциядорларнинг 2022 йил
20 июнда ўтқазилган навбатдаги
умумий йиғилиши қарори билан



“Хўжаи жаҳон савдо комплекси” акциядорлик жамияти
КУЗАТУВ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ



Ғиждувон туман-2022 йил


I. Умумий қоидалар

1.1. Мазкур Низом “Акцидорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ-101-сон Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарори ҳамда “Хужаи Жахон савдо комплекси” акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда – Жамият) уставига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Жамият Кузатув кенгашининг мақомини, ваколатларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда унинг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ишлаш тартибини белгилайди.
1.2. Жамият Кузатув кенгаши Жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, амалдаги қонунчилик ва Жамият Устави билан акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалаларни ҳал этиш бундан мустасно.
1.3. Жамият Кузатув кенгаши ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик, Жамият Устави ва мазкур Низомга асосан амалга оширади.

II. Кузатув кенгашининг ваколат доираси

2.1. Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг сони 5 (беш) кишидан иборат.
2.2. Жамият Кузатув кенгашининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:
2.2.1. Жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Жамият ижро органининг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борган ҳолда Жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;
2.2.2. Акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
2.2.3. Акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш;
2.2.4. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;
2.2.5. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш учун Жамият акциядорларининг реестрини шакллантириш санасини белгилаш;
2.2.6. Жамият Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки Жамиятнинг янги таҳрирдаги Уставини тасдиқлаш масалаларини ҳал қилиши учун акциядорларнинг умумий йиғилишига киритиш;
2.2.7. Мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;
2.2.8. Жамиятнинг бошқарув аъзоларини (раисдан ташқари) сайлаш (тайинлаш), уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш Корпоратив маслаҳатчини тайинлаш ва унинг фаолияти тартибини белгиловчи низомни тасдиқлаш
2.2.9. Жамиятнинг йиллик бизнес-режасини маъқуллаш. Бунда Жамиятнинг келгуси йилга мўлжалланган бизнес-режаси Жамият Кузатув кенгаши мажлисида жорий йилнинг 1 декабридан кечиктирмай маъқулланиши лозим;
2.2.10. Ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, шунингдек ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;
2.2.11. Жамият ижро органининг фаолиятига дахлдор ҳар қандай ҳужжатлардан эркин фойдаланиш ва Жамият Кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун бу ҳужжатларни ижро органидан олиш. Жамият Кузатув кенгаши ва унинг аъзолари олинган ҳужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;
2.2.12. Аудиторлик текширувини ўтказиш (мажбурий аудиторлик текшируви бундан мустасно), аудиторлик ташкилотини белгилаш, унинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори ва у билан шартнома тузиш (шартномани бекор қилиш) тўғрисида қарор қабул қилиш;
2.2.13. Дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;
2.2.14. Жамиятнинг захира фондидан ва бошқа фондларидан фойдаланиш;
2.2.15. Жамиятнинг филиалларини ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;
2.2.16. Жамиятнинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;
2.2.17. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда йирик битимлар тузиш ҳамда Жамиятнинг аффилланган шахслари билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
2.2.18. Жамиятнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиш;
2.2.19. Жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
2.2.20. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш масалаларини, шунингдек Жамият Уставига Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ҳамда Жамиятнинг эълон қилинган акциялари сонини камайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш
2.2.21. Қонунчиликка мувофиқ акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш ;
2.2.22. Жамият томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
2.2.23. Қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
2.2.24. Жамиятнинг ижро органини тузиш, унинг раҳбарини сайлаш (тайинлаш), раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;
2.2.25. Жамиятнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш (ушбу банд жамият уставига кўра жамият кузатув кенгашига бундай ваколат берилган бўлса ёзилади);
2.2.26. Жамиятнинг раҳбар лавозимларига ўтказиладиган танлов регламентини тасдиқлаш, ижро органи раҳбари ва унинг ўринбосарлари лавозимларига танлов эълон қилиш ва ўтказиш;
2.2.27. Ахборот сиёсати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
2.2.28. Ҳомийлик (хайрия) ёки беғараз ёрдам кўрсатиш (олиш) тартиби ва шартларини белгилаш ҳамда бу борада қарор қабул қилиш;
2.2.29. Жамиятда корпоратив бошқарув тизимини баҳолашни ташкиллаштириш, баҳолаш ҳуқуқига эга мустақил ташкилотни танлов асосида танлаш;
2.2.30. Кузатув кенгаши аъзоларидан иборат бўлган Стратегия ва инвестициялар, Аудит, Тайинловлар ва ҳақ тўлаш, Коррупцияга қарши курашиш ва этика қўмиталарини, шунингдек заруриятга кўра бошқа қўмиталарни ташкил қилиш;
2.2.31. Жамиятни яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштириш;
2.2.32. Жамиятда трансформация жараёнларини самарали ташкил этиш, корхонанинг ташқи қарзларини оптималлаштириш, замонавий харид тизимини жорий этиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга муқобил маблағларни жалб этиш;
2.2.33. Қонунчилик ва Жамият Уставига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.
2.4. Жамият Кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар ҳал қилиш учун Жамиятнинг ижро органига ўтказилиши мумкин эмас.

III. Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ва ваколатини муддатидан илгари тугатиш

3.1. Жамият Кузатув кенгашининг аъзолари қонунчиликда ва Жамият Уставида назарда тутилган тартибда акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан 3 (уч) йил муддатга сайланади.
3.2. Жамият кузатув кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин.
3.3. Жамият бошқаруви аъзолари (директори), унинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар ва ушбу жамиятлар бошқарув органларининг аъзолари жамиятнинг кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас.
3.4. Айни шу жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси бўлиши мумкин эмас.
3.5. Жамиятнинг Кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади.
3.6. Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли овозлар сони Жамиятнинг Кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақли.
3.7. Энг кўп овоз тўплаган номзодлар Жамият Кузатув кенгашининг таркибига сайланган деб ҳисобланади.
3.8. Жамият Кузатув кенгашининг аъзоси у сайланган кундан бошлаб, Жамиятнинг аффилланган шахси деб эътироф этилади. Шунга мувофиқ,
у сайланган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ белгиланган маълумотларни батафсил кўрсатган ҳолда ўзининг аффилланганлиги тўғрисида Жамиятни ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
3.9. Жамият Кузатув кенгаши аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш қонунчиликда ва Жамият уставида назарда тутилган тартибда акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан амалга оширилади.
3.10. Кузатув кенгаши аъзоси қуйидаги ҳолларда ўз вазифаларидан озод этилиши мумкин:
ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, Жамиятга зарар етказса;
Жамият ва унинг акциядорлари манфаатларига зид равишда инсофсиз ва мантиқсиз ҳаракат қилса;
Жамият фаолияти тўғрисидаги махфий ахборотни, шу жумладан инсайдерлик ахборотларни ошкор этиш, уларнинг учинчи шахслар томонидан ўз мақсадларида фойдаланишга йўл қўйса;
Жамият Кузатув кенгашининг мажлисларида, Кузатув кенгаши қошидаги қўмиталарнинг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаса;
у тузилишидан манфаатдор шахс деб эътироф этилиши мумкин бўлган битимлар тўғрисидаги маълумотларни яширса;
Акциядор тмонидан унинг ўрнига бошқа номзод тақдим этилса.

IV. Кузатув кенгаши таркибига сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар

4.1. Кузатув кенгашининг аъзоси сифатида бенуқсон ишчанлик ва шахсий обрў-эътиборига эга бўлган ҳамда Кузатув кенгаши ваколатига тегишли қарорларни қабул қилиш ва функцияларини самарали бажариш учун талаб этиладиган билим, кўникма ва тажрибага эга бўлган шахслар тавсия этилади.
4.2. Қуйидаги малака талабларига эга бўлган шахс Жамият Кузатув кенгаши аъзолигига номзод сифатида тавсия этилиши мумкин:
Олий таълим ёки илмий даражанинг, ёинки бошқарув (менежмент) соҳасида қўшимча таълими мавжуд бўлган;
Давлат ёки хўжалик бошқарув органлари активларини бошқариш соҳасида ва/ёки Жамият фаолиятига тегишли бўлган тармоқда иш тажрибасига эга;
раҳбар лавозимларида, шу жумладан Кузатув кенгашлари таркибларида иш тажрибаси мавжуд;
турли коллегиал органларда иштирок этиш, шу жумладан унинг Кузатув кенгаши қўмиталарида аъзолиги билан боғлиқ махсус кўникмалар (кучли коммуникативлик кўникмалари, фаолиятни шаффофлик, холислик, конструктивлик ва профессионализм тамойиллари асосида амалга ошириш учун зарур сифатлар)га эга бўлган;
V. Кузатув кенгашининг раиси

5.1. Жамият Кузатув кенгашининг раиси Кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан, ушбу кенгаш таркибидан Кузатув кенгаши аъзолари томонидан сайланади.
5.2. Жамиятнинг Кузатув кенгаши ўз раисини Кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан қайта сайлашга ҳақли.
5.3. Жамият Кузатув кенгашининг раиси:
Кузатув кенгашининг ишини ташкил этади;
Кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;
Кузатув кенгаши мажлисларида баённома юритилишини ташкил этади;
Акциядорларнинг умумий йиғилишида раислик қилади.
5.4. Жамият Кузатув кенгаши раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Кузатув кенгашининг аъзоларидан бири амалга оширади.
VI. Кузатув кенгашининг мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

6.1. Жамият Кузатув кенгашининг мажлиси Кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббусига кўра, Жамият Кузатув кенгаши, ижро органи аъзосининг, шунингдек Жамият Уставида белгиланган бошқа шахсларнинг талабига кўра чақирилади.
6.2. Жамият Кузатув кенгаши мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш пухта ишланган режа асосида амалга оширилиши мумкин. Бундай режани Кузатув кенгашининг барча аъзолари, ижро органи, тафтиш комиссияси ҳамда, зарурат туғилганда, Жамиятнинг аудитори ва ички аудит хизматидан келиб тушган таклифлар асосида Кузатув кенгашининг раиси шакллантиради.
6.3. Жамият Кузатув кенгашининг раиси Кузатув кенгаши мажлисидаги барча иштирокчиларга уни лозим даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш ва унда олиб чиқилган масалаларни муҳокама қилишда фаол иштирок этиш имкониятларини яратади. Жамият Кузатув кенгашининг аъзолари Кузатув кенгаши мажлисларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ҳамда уларда иштирок этиш учун етарли даражада вақт ажратишлари лозим.
6.4. Жамият Кузатув кенгашининг мажлислари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади, бунда мажлисда мажбурий тартибда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:
Жамият ижро органининг Жамиятнинг бизнес-режасини бажарилиши тўғрисидаги, Жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлари тўғрисидаги, Жамият томонидан амалга оширилган харидлар тўғрисидаги, Жамият асосий (уставдаги) фаолияти билан боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган шўъба хўжалик жамиятлари ҳамда филиаллари (ваколатхоналари) фаолияти тўғрисидаги, Жамият томонидан тижорат мақсадлари ва нотижорат мақсадларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлари;
жамият ижро органи раҳбарининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосарининг трансформация, амалга оширилган харидалар бўйича ҳисоботлари;
Ички аудит хизматининг ҳисоботи;
Жамиятда аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ёки йирик битимлар мавжудлиги, шунингдек қонунчиликнинг ва Жамият ички ҳужжатларининг бундай битимларни тузишга доир талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосаси;
Кузатув кенгаши ҳузурида ташкил этилган Стратегия ва инвестициялар қўмитаси, Аудит қўмитаси, Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш ва этика қўмитаси томонидан кўриб чиқилган масалалар бўйича хулоса ва тавсиялари.
6.5. Жамият Кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум Жамият Кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.
6.6. Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг сони Жамият Уставида назарда тутилган миқдорнинг етмиш беш фоизидан кам бўлган тақдирда, Жамият Кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш учун акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириши шарт. Кузатув кенгашининг қолган аъзолари акциядорларнинг бундай навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилишга, шунингдек Жамият ижро органи раҳбарининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, унинг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлашга ҳақлидир.
6.7. Жамият Кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Жамият Кузатув кенгашининг мажлисида масалалар ҳал этилаётганда Кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.
6.8. Қуйидаги қарорлар Жамият Кузатув кенгашининг аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинади:
Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги ва Жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар ;
қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда йирик битимлар тузиш тўғрисидаги қарор;
Жамиятнинг аффилланган шахслари билан тузилаётган битимни маъқуллаш ҳақидаги қарор;
Жамият томонидан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор);
сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилинадиган қарорлар.
6.9. Жамият Кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини Кузатув кенгашининг бошқа аъзосига беришига йўл қўйилмайди.
6.10. Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлган тақдирда Кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилишда Жамият Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади
6.11. Жамият Кузатув кенгашининг мажлисида баённома юритилади. Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг ўн кундан кечиктирмай тузилади. Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:
мажлис ўтказилган сана, вақт ва жой;
мажлисда ҳозир бўлган шахслар;
мажлиснинг кун тартиби;
овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;
қабул қилинган қарорлар.
6.12. Жамият Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этаётган Жамият Кузатув кенгаши аъзолари ҳамда мажлис котиби томонидан имзоланади. Кузатув кенгаши аъзолари мажлис баённомаси тўғри расмийлаштирилиши учун жавобгар бўлади.
6.13. Жамият Кузатув кенгаши мажлисларига котиблик қилиш ва баённома юритиш вазифасини бажарувчи шахсни белгилайди. Бунда, Кузатув кенгаши котиби сифатида корпоратив маслаҳатчи, қимматли қоғозлар бўйича мутахассис, корпоратив бошқарув бўлими бошлиғи ёки бошқа мутахассис белгиланиши мумкин.
6.14. Жамият Кузатув кенгашининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) Жамият Кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши мумкин. Бунда Кузатув кенгашининг мажлисида ҳозир бўлмаган Кузатув кенгаши аъзосининг мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ёзма тарзда берган фикри инобатга олинади ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан (телефон, электрон алоқа, ижтимоий тармоқларнинг мессенжерлари ва ҳ.к.) фойдаланган ҳолда Кузатув кенгаши аъзосининг ёзма фикри тезкор тарзда йўлланиши ва олиниши мумкин. Жамият Кузатув кенгашининг мажлиси сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) ўтказилган тақдирда, мажлис баённомасида бу ҳақда кўрсатилади.
6.15. Жамият Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси имзоланган куни Жамиятнинг ижро органига ижро этиш учун топширилади. Кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда мазкур қарор ҳақидаги ахборот Жамиятнинг ижро органига Кузатув кенгашининг мажлиси ўтказиладиган куни топширилади.
VII. Кузатув кенгаши аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

7.1. Кузатув кенгаши аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Кузатув кенгаши мажлисида шахсан иштирок этиш, мажлисда муҳокама қилинаётган масала юзасидан регламент билан ажратилган вақт доирасида сўзга чиқиш;
Кузатув кенгаши қарорига кўра муайян даврда Жамиятнинг фаолияти натижалари, уни ривожлантириш режалари тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш;
Жамиятга, шунингдек, унинг шўъба ва тобе юридик шахсларига оид ҳар қандай ахборот (ҳужжат ва материаллар)ни Жамият ижро органидан талаб қилиш ва олиш;
кун тартибидаги масалалар, қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикрини Кузатув кенгаш мажлиси баённомасига киритишни талаб қилиш;
Кузатув кенгаши мажлиси кун тартибига киритиш учун масалалар таклиф қилиш;
Кузатув кенгаши ва Жамиятнинг бошқа коллегиал органлари мажлислари баённомалари билан танишиш ва уларнинг нусхаларини олиш;
қонунчиликда ва Жамиятнинг ички ҳужжатларида белгиланган тартибда Кузатув кенгашда ишлаган даври учун ҳақ ва (ёки) харажатларининг компенсациясини олиш.
7.2. Кузатув кенгаши аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда Жамиятнинг манфаатларини кўзлаб виждонан ва оқилона иш тутиши, уларга маълум бўлган махфий маълумотларни ва хизмат ҳамда тижорат сирини ташкил этувчи Жамият ҳужжатларини ошкора қилмасликлари лозим.
7.3. Кузатув кенгаши аъзолари ўз мавқеини ва Жамият фаолияти ҳақида олинган маълумотларни шахсий манфаатларида фойдаланишига, шунингдек ушбу маълумотларни бошқа шахслар томонидан шахсий манфаатларида фойдаланишига йўл қўймасликлари лозим.
7.4. Кузатув кенгаши аъзолари Кузатув кенгаши мажлисида шахсан қатнашишлари шарт. Агар мажлисда қатнашиш имконияти мавжуд бўлмаса Кузатув кенгаши аъзоси сабабларини кўрсатган холда Кузатув кенгашини бу ҳақда хабардор қилади. Бир вақтнинг ўзида Кузатув кенгаши аъзоси мазкур Низомга мувофиқ кун тартибидаги масалалар юзасидан ёзма фикрини юборишга ҳақли.
7.5. Аффилланган шахс бўлган Кузатув кенгашининг аъзоси Жамият билан битим тузишда аффилланган эканлиги тўғрисида тузилиши кутилаётган битим ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан битимда иштирок этаётган шахслар, битим предмети тўғрисидаги маълумотларни, тегишли шартноманинг муҳим шартларини батафсил кўрсатган ҳолда ёзма билдирги юбориш орқали Жамиятни хабардор этиши шарт.
7.6. Кузатув кенгаши аъзолари Кузатув кенгаши томонидан у ёки бу қарорларни қабул қилишга таъсир кўрсатганлик учун бевосита ёки билвосита ҳақ олиш ҳуқуқига эга эмас.
7.7. Кузатув кенгаши аъзолари Жамият имкониятлари (мулкий ва номулкий ҳуқуқлар, хўжалик фаолияти соҳасидаги имкониятлар, Жамиятнинг фаолияти ва режалари тўғрисидаги ахборот)дан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.
7.8. Кузатув кенгаши аъзолари ўзларининг лавозим мажбуриятларини ҳалол, шунингдек Жамият манфаатлари йўлида улар энг яхши деб ҳисоблайдиган усул билан амалга оширишга мажбурдирлар.
7.9. Кузатув кенгаши аъзолари қуйидаги фидуциар мажбуриятларни бажаришлари лозим:
жонкуярликни намоён қилиш мажбурияти — Кузатув кенгаши аъзосидан виждонан ва жонкуярлик асосида ҳаракат қилиш;
содиқликни намоён қилиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик мажбурияти — Кузатув кенгаши аъзоларидан, биринчи навбатда, корхона манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилиш;
лозим даражада кўздан кечиришликни намоён қилиш мажбурияти — Кузатув кенгаши аъзоларидан корхонага нисбатан қарор қабул қилишда эҳтиёткорлик билан ёндашиш;
мустақил мулоҳазадан фойдаланиш мажбурияти — Кузатув кенгаши аъзосидан қарорларни мустақил, шахсий ва бошқа манфаатларни инобатга олмаган ҳолда қабул қилиш.
VIII. Кузатув кенгаши аъзоларининг жавобгарлиги

8.1. Жамият Кузатув кенгашининг аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда Жамиятнинг манфаатларини кўзлаб иш тутиши ҳамда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши лозим.
8.2. Агар бир нечта шахс жавобгар бўлса, уларнинг Жамият олдидаги жавобгарлиги солидар жавобгарлик бўлади.
8.3. Жамиятга зарар етказилишига сабаб бўлган қарорга овоз беришда иштирок этмаган ёки ушбу қарорга қарши овоз берган Жамият Кузатув кенгаши аъзолари жавобгар бўлмайди.
8.4. Жамият ёки у жойлаштирган акцияларнинг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар) Жамиятга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъво билан Жамиятнинг Кузатув кенгаши аъзоси устидан судга мурожаат қилишга ҳақли.
8.5. Жамиятнинг Кузатув кенгаши аъзоси қуйидагилар натижасида Жамиятга етказилган зарар учун жавобгар бўлади:
чалғитувчи ахборот ёки била туриб ёлғон ахборот тақдим этганлик;
қонунчиликда белгиланган ахборот тақдим этиш тартибини бузганлик;
Жамиятга зарар етказилишига сабаб бўлган йирик битимларни ва (ёки) амалга оширилишидан манфаатдорлик мавжуд бўлган битимларни тузишни таклиф этганлик, шу жумладан Жамият билан бундай битимлар тузилиши натижасида ўзлари ёки ўз аффилланган шахслари томонидан фойда (даромад) олиш мақсадида битимлар тузишни таклиф этганлик.
IX. Кузатув кенгашининг қўмиталари

10.1. Энг муҳим масалаларни кўриб чиқиш ва Жамиятнинг Кузатув кенгашига тавсиялар тайёрлаш учун Кузатув кенгаши аъзолари орасидан қўмиталар ташкил этилади.
10.2. Жамиятда Кузатув кенгаши қарори билан қуйидаги қўмиталар ташкил этилади:
Стратегия ва инвестициялар қўмитаси;
Аудит қўмитаси;
Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитаси;
Коррупцияга қарши курашиш ва этика қўмитаси;
Таваккалчиликларни бошқариш бўйича қўмита
Барча қўмиталарнинг фаолияти қўмита таркиби, ваколатлари, иш тартиби ҳамда аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби қоидаларни ўз ичига олган ички ҳужжатлар билан тартибга солинади.
10.3. Қўмиталар таркиби Кузатув кенгаши аъзоларидан иборат бўлади. Зарур ҳолларда қўмиталар ишига Жамият ижро органлари аъзолари, Жамият ходимлари ва ташқи экспертлар жалб этилиши мумкин.
10.4. Жамият кузатув кенгашининг Стратегия ва инвестициялар қўмитаси раиси унинг мустақил аъзолари орасидан тайинланади ва мазкур қўмитага корхонанинг трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларини доимий бошқариш вазифалари юклатилади.
10.5. Қўмиталар аъзолари Жамият Кузатув кенгаши раисининг тавсияси асосида Кузатув кенгаши аъзоларидан уларнинг ваколат муддати даврига кўпчилик овоз билан сайланади. Кузатув кенгаши қўмита аъзолари орасидан қўмита раисини тайинлайди.
10.6. Қўмита мажлисида унинг аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок қилса, мажлис ваколатли ҳисобланади, бунда қўмита раиси иштирок этиши шарт. Мажлисда қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Ҳар бир қўмита аъзоси бир овозга эга.
10.7. Қўмитанинг қарори мажлис баённомаси билан расмийлаштирилади. Ушбу баённома қўмита котиби томонидан юритилади ва у овоз беришда қатнашган аъзолари томонидан имзоланади.
X. Якунловчи қоидалар

12.1. Мазкур Низом Жамият акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган санадан эътиборан кучга киради.
12.2. Ушбу Низом, шунингдек, унга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади. Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар Жамият акциядорлари ва Жамият Кузатув кенгаши аъзолари томонидан киритилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ўзгариши натижасида, ушбу Низомнинг айрим бандлари унга зид бўлиб ёки ҳақиқий бўлмай қолса, Низомга ўзгартириш киритилгунга қадар Жамият Кузатув кенгаши аъзолари Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш юритадилар.бесплатно модули и шаблоны для dle
Ахборот
Бизнинг сайтдаги мақолаларга чоп этилганидан сўнг фақат 10 кун мобайнида шарҳ қолдириш мумкин.