КУЗАТУВ КЕНГАШИ ҲУЗУРИДАГИ АУДИТ ҚЎМИТАСИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

«ТАСДИҚЛАНГАН»
“Хўжаи жаҳон савдо комплекси” АЖ акциядорларнинг 2022 йил 20 июнда ўтқазилган навбатдаги умумий йиғилиши қарори билан


“Хўжаи жаҳон савдо комплекси” акциядорлик жамияти
КУЗАТУВ КЕНГАШИ ҲУЗУРИДАГИ АУДИТ ҚЎМИТАСИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ




Ғиждувон туман -2022 йил




I. Умумий коидалар

1.1. Мазкур Низом (кейинги ўринларда – Низом) Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги 2022 йил 8 апрелдаги ПФ-101-сон Фармонига, Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган “2021 - 2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясига, “Хўжаи жаҳон савдо комплекси” акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда – Жамият) уставига, Кузатув кенгаши тўғрисидаги Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Жамият Кузатув кенгаши ҳузуридаги Аудит қўмитасининг (кейинги ўринларларда – Аудит қўмитаси) ҳуқуқий мақомини, таркибини, ваколатларини ва унинг ишлаш тартибини белгилайди.
1.2. Аудит қўмитаси энг муҳим масалаларни кўриб чиқиш ва Жамиятнинг Кузатув кенгашига тавсиялар тайёрлаш учун Жамият Кузатув кенгашининг қарори асосида ташкил этилади.
1.3. Аудит қўмитаси ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик, Жамият устави ва мазкур Низомга асосан амалга оширади.

II. Аудит қўмитасининг таркиби

2.1. Аудит қўмитаси фақат Жамият Кузатув кенгашининг аъзоларидан 3 кишидан иборат таркибда ташкил этилади. Аудит қўмитаси таркибига камида бир нафар Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси киритилиши шарт.
2.2. Аудит қўмитасининг аъзолари Жамият Кузатув кенгаши раисининг тавсияси асосида Кузатув кенгаши аъзоларидан уларнинг ваколат муддати даврига кўпчилик овоз билан сайланади. Аудит қўмитасининг раиси Аудит қўмитаси аъзолари орасидан Жамият Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Аудит қўмитасининг раиси Жамият Кузатув кенгашининг раиси бўлмаслиги лозим.
2.3. Аудит қўмитасининг таркибига сайланган Кузатув кенгаши аъзолари чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин.
2.4. Аудит қўмитасига молиявий таҳлил ва бухгалтерия ҳисоби соҳасида билимларга эга бўлган Жамият Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси раҳбарлик қилади.
2.5. Аудит қўмитасининг аъзолари олий маълумотга, аудит хизмати мақсадлари ва вазифаларига мос келувчи малака ва тажрибага эга бўлиши лозим. Аудит қўмитасининг камида битта аъзоси аудит, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот бўйича бир неча йиллик тажрибага эга бўлиши керак.
2.6. Аудит қўмитасининг аъзоси бир вақтнинг ўзида Жамият аудиторлик ташкилотининг ходими бўлмаслиги керак. Шунингдек, Аудит қўмитаси аъзосининг яқин қариндошлари Жамият аудиторлик ташкилотининг ходими бўлмаслиги керак.
2.7. Аудит қўмитаси аъзолари ўртасидаги функциялар тақсимланиши Аудит қўмитасининг раиси томонидан амалга оширилади.
2.8. Жамиятнинг ички аудит хизмати ўз фаолиятида Аудит қўмитасига ҳисобдордир

III. Аудит қўмитасининг асосий вазифалари

3.1. Аудит қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Жамиятда молиявий ҳисоботни тузишнинг тўғрилиги устидан назорат ўрнатиш;
мустақил аудиторлик ташкилотининг танланиши, аудиторлик текшируви ўтказилиши жараёнларини кузатиш;
ички ва ташқи аудиторлик текширувлари натижаларини олиш ҳамда ўрганиш;
назоратга оид, молиявий ва бошқа ҳисоботларнинг тақдим этилишини, тўлиқлигини, ишончлилигини назорат қилиш;
ўз ваколати доирасидаги масалалар юзасидан Кузатув кенгаш мажлисларига маълумотлар тайёрлаш ва унга ҳисоботлар тақдим этиш;
Жамиятда ички аудит хизматини ташкил этиш, унинг раҳбари ва ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масаласини кўриб чиқиш, бу ҳақда Кузатув кенгашига таклифлар киритиш
ички аудит хизмати ходимларининг иш ҳақи миқдорини белгилаш ёки уларни қўшимча моддий рағбатлантириш масаласини кўриб чиқиш
ички аудит хизматининг йиллик бюджетини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ички аудит хизматининг чораклик ҳисоботларини ўрганиб чиқиш ва Кузатув кенгашига тақдим этиш
даврий равишда (йилда камида бир марта) Жамият ички аудит хизматининг ҳар бир ходимини унинг ахборотни танлаш, текширув ўтказиш ва хулосаларни тайёрлаш салоҳиятидан келиб чиқиб касбий маҳорат даражасини баҳолаб бориш Жамиятнинг ички назорат тизими ва ички аудити фаолияти самарадорлиги ва монандлигини таъминлаш учун уларни баҳолаш, ички аудит текширувлари режаси ва уларнинг даврийлигини кўриб чиқиш, ички аудит хизмати раҳбари ўз вазифа ва мажбуриятларини қай даражада амалга ошираётганлигини баҳолашда иштирок этиш ва ўз фикрларини билдириш;
аудиторлик ташкилотининг таклифларини баҳолашда Кузатув кенгашига амалий ёрдам бериш, ташқи аудиторни танлаш ва белгилашда Кузатув кенгашига тавсиялар тайёрлаш;
аудиторлик ташкилотининг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори ва у билан шартнома тузилиши (бекор қилиниши) тўғрисида Кузатув кенгашига таклифлар киритиш;
аудиторлик ташкилотининг ҳисоботи ва хулосаларини кўриб чиқиш ва уларни Кузатув кенгашига тақдим этиш;
аудиторлик ташкилотининг фаолияти қониқарсиз деб баҳоланган тақдирда, уни ўзгартириш юзасидан Кузатув кенгашига тавсиялар бериш;
Жамият фаолиятининг шаффофлиги ва маълумотларнинг ошкор қилиниши етарли даражада ва аниқ эканлигини кўриб чиқиш;
ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тайёрлаш;
аудиторлик ташкилотини жалб қилиш учун ўтказиладиган танлов (тендер) шартлари ва қўйиладиган талабларни белгилаш;
Кузатув кенгаши томонидан юклатилган бошқа вазифаларни бажариш (ушбу банддаги аудит қўмитасининг асосий вазифалари жамият кузатув кенгашининг ихтиёрига кўра кенгайтирилиши ёки қисқартирилиши мумкин ).
3.2. Аудит қўмитаси молиявий ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини назорат қилиш ва таваккалчиликнинг самарадорлигини таъминлаш учун:
ички аудитнинг йиллик иш режасини тасдиқлаш учун Кузатув кенгашига киритади;
аудиторлик текширувларини ўтказиш ташаббуси билан чиқади;
Кузатув кенгаши олдида аудит масалалари бўйича ҳисобот беради.

IV. Аудит қўмитаси мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

4.1. Аудит қўмитасининг мажлиси Аудит қўмитасининг раиси томонидан унинг ўз ташаббусига кўра, Аудит қўмитасининг аъзоларининг талабига кўра, шунингдек, Жамият ички аудит хизмати раҳбарининг ёзма талабига кўра чақирилади.
4.2. Аудит қўмитаси ҳар чорак якунига кўра, зарур бўлганда ҳар ойда, қўмита аъзоларининг шахсан иштирокида ёки бошқа алоқа тармоқларидан фойдаланиш йўли билан ўз мажлисларини ўтказиб туриши лозим. Аудит қўмитаси Жамиятнинг ижроия органи ва бошқа шахсларни қўмита мажлисларига қатнашиш учун таклиф қилиши, шунингдек зарур бўлганда улардан ахборот талаб қилиши мумкин.
4.3. Аудит қўмитаси аъзолари муайян масаланинг кечиктирилмай ҳал этилишини талаб қиладиган қоидабузилишлар аниқланган тақдирда қўмитанинг шошилинч мажлисини чақирилишини талаб қилишлари мумкин.
4.4. Аудит қўмитаси ўз мажлисларини Жамият Кузатув кенгаши мажлисларидан олдин ўтказади.
4.5. Аудит қўмитасининг раиси қўмита мажлисидаги барча иштирокчиларга уни лозим даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш ва унда олиб чиқилган масалаларни муҳокама қилишда фаол иштирок этиш имкониятларини яратади. Аудит қўмитасининг аъзолари қўмита мажлисларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ҳамда уларда иштирок этиш учун етарли даражада вақт ажратишлари лозим.
4.6. Аудит қўмитаси мажлисида унинг аъзоларининг энг камида 2/3 қисми иштирок этса, мажлис ваколатли ҳисобланади, бунда қўмита раиси иштирок этиши шарт.
4.7. Аудит қўмитасининг мажлисида қарорлар мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
4.8. Аудит қўмитасининг мажлисида масалалар ҳал этилаётганда Аудит қўмитасининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади. Овозлар тенг келган тақдирда, қўмита раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Аудит қўмитасининг қарорига розилик билдирмаган қўмита аъзоси ўзининг мажбурий тартибда мажлис баённомасига илова қилинадиган алоҳида фикрини қайд этиб қўйиш ва уни Кузатув кенгаши эътиборига ҳавола қилиш ҳуқуқига эга.
4.9. Аудит қўмитасининг қарори Аудит қўмитаси мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Ушбу баённома қўмита котиби томонидан юритилади ва овоз беришда иштирок этган қўмита аъзолари томонидан имзоланади.
4.10. Аудит қўмитаси мажлисларига котиблик қилиш вазифасини Жамият ички аудит хизматининг раҳбари бажаради.
4.11. Аудит қўмитасининг раиси:
Аудит қўмитасининг ишини ташкил этади;
Аудит қшмитаси мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;
Аудит қўмитаси мажлисларида баённома юритилишини ташкил этади;
Жамият ички меъёрий ҳужжатлари ва мазкур Низомда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.
4.12. Аудит қўмитасининг котиби:
Аудит қўмитаси мажлислари баённомаларини юритади ва расмийлаштиради;
Аудит қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши учун кун тартибидаги масалалар бўйича материалларни тайёрлайди ва тақдим қилади;
Аудит қўмитасининг қарорларини, хулосаларини ва баённомаларини олувчиларгача етказади.
4.13. Аудит қўмитаси ваколати доирасида қабул қилинган барча қарорлар қабул қилинган кунидан бошлаб, Жамият ижроия органи ва бошқа мансабдор шахслари учун ижро этиш мажбурийдир. Ушбу қарорларда кўрсатиб ўтилган мансабдор шахслар қарорнинг ўз вақтида ҳамда қарор ижросига мос равишда бажарилишига шахсан жавобгардирлар. Аудит қўмитаси қарорлари ижросини назорат қилиш Аудит қўмитаси раиси томонидан амалга оширилади.
4.14. Жамият ички аудит хизмати раҳбари, унинг ходимлари Аудит қўмитасининг мажлисларида овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этишлари мумкин.

V. Аудит қўмитаси аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

5.1. Аудит қўмитаси аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Жамият ижро органи аъзоларининг ва Жамиятнинг бошқа мансабдор шахсларидан ўз фаолияти учун керакли барча ҳужжатларни ва материалларни тақдим этишни талаб қилиш;
аудиторлик ташкилоти ва ички аудит хизматидан ҳужжатларни ва материалларни сўраб олиш ва улардан фойдаланиш;
агар Жамиятга жиддий моддий зарар етказилишига олиб келган ёки етказилишига олиб келиши мумкин бўлган қоидабузилишлар аниқланса, ижроия органи мажлиси чақирилишини талаб қилиш;
Жамиятнинг таркибий бўлинмалари ходимлари, шу жумладан раҳбарларидан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича изоҳлар талаб қилиш;
айбдор ходимларни интизомий, мулкий ва бошқа турдаги жавобгарликка тортиш масалаларини раҳбариятига кўриб чиқиш учун тақдим қилиш;
Жамиятнинг дастлабки бухгалтерия, молия ва бошқа ҳужжатларидан фойдаланиш;
Аудит қўмитаси ваколатлари доирасидаги қарор ва топшириқларни бажариш, қўмита мажлисларида иштирок этиш мақсадида зарур бўлган ҳолатларда қўмита раиси қарори билан Жамиятнинг раҳбар шахсларини, Жамият Кузатув кенгашининг бошқа аъзоларини даврий ёки мунтазам равишда таклиф этиш;
Аудит қўмитаси фикрига кўра масалани чуқурроқ ўрганилишига зарур бўлса, қўмита ваколатларига тегишли бўлган масала бўйича ўз ташаббусига кўра, Жамият Кузатув кенгашининг бошқа қўмиталарининг фикрини талаб қилиб олиш;
Аудит қўмитаст мажлисида муҳокама қилинаётган масала юзасидан регламент билан ажратилган вақт доирасида сўзга чиқиш, кун тартибидаги масалалар, қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикрини қўмита мажлиси баённомасига киритишни талаб қилиш;
Жамият Кузатув кенгаши томонидан тасдиқлаш учун мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар бериш;
тақдим этилган ҳужжатлар асосида тегишли хулоса ва таклифлар ишлаб чиқиш ва Жамият Кузатув кенгаши муҳокамасига киритиш;
Аудит қўмитаси мажлиси кун тартибига киритиш учун масалалар таклиф қилиш.
5.2. Аудит қўмитаси аъзоларининг мажбуриятлари:
ҳисоб сиёсатини тасдиқлаш учун Кузатув кенгашига киритиш ҳамда унинг ижросини назорат қилиш;
ички аудит хизмати ходимларини тайинлаш учун Кузатув кенгаши тасдиғига номзодларни киритиш ҳамда уларни лавозимдан озод этиш тўғрисида таклиф киритиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Низом, корхона Устави ва ички ҳужжатлари асосида ўзига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ўз фаолиятини сидқидилдан олиб бориш;
Жамият томонидан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда амалга оширилган харидларни назорат қилиш;
ички аудит хизмати ишини, шу жумладан, унинг ҳисоботларини таҳлил қилиш ва самарадорликни баҳолаш орқали назорат қилиш;
молиявий ҳисобот, шу жумладан, консолидациялашган ҳисоботнинг бухгалтерия стандартлари ва ҳисоб сиёсатига мувофиқлигини таҳлил ва назорат қилиш;
Жамият акциядорларининг хуқуқлари, манфаатлари ва қизиқишларини ҳимоя қилиш принциплари асосида фаолият юргизиш;
Жамиятнинг тижорат ва хизмат сирларини ошкор этмаслик ҳамда махфийлик талабларини бажариш;
ташқи аудит ўтказилишини таъминлаш.
5.3. Аудит қўмитанинг аъзолари қўмита мажлисида шахсан қатнашишлари шарт. Агар мажлисда қатнашиш имконияти мавжуд бўлмаса, қўмита аъзоси сабабларини кўрсатган холда Аудит қўмитасини бу ҳақда хабардор қилади.
5.4. Аудит қўмитаси, Жамият аудиторлик ташкилотининг сўровига кўра, аудиторлик текшируви жараёнида юзага келган масалалар юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга ҳамда аудиторлик текшируви учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни тақдим этишга мажбур.
5.5. Аудит қўмитаси бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишлари тўғрисида ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқ тасдиқловчи фактлар ҳақида Жамият аудиторлик ташкилоти томонидан ёзма шаклда хабардор қилиниши шарт.

VI. Аудит қўмитаси аъзоларининг жавобгарлиги

6.1. Аудит қўмитасининг аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда Жамиятнинг манфаатларини кўзлаб иш тутиши ҳамда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши лозим.
6.2. Жамиятга зарар етказилишига сабаб бўлган қарорга овоз беришда иштирок этмаган ёки ушбу қарорга қарши овоз берган Аудит қўмитасининг аъзолари жавобгар бўлмайди.

VII. Якунловчи қоидалар

7.1. Мазкур Низом Жамият Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган санадан эътиборан кучга киради.
7.2. Ушбу Низом, шунингдек, унга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар Жамият Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар Жамият Кузатув кенгаши раиси ва Аудит қўмитаси аъзолари томонидан киритилиши мумкин.бесплатно модули и шаблоны для dle
Ахборот
Бизнинг сайтдаги мақолаларга чоп этилганидан сўнг фақат 10 кун мобайнида шарҳ қолдириш мумкин.